8 Октябр 2020 йил 41

“YouTube” ижтимоий тармоғида “Andijon viloyati Baliqçi tumani shifokorlari tuman Ichki Ishlari hodimlarining ishidan norozi” сарлавҳаси билан жойланган видеомурожаат бўйича расмий муносабат

2020 йил 06 октябрь куни ижтимоий тармоқларда “Andijon viloyati Baliqçhi tumani shifokorlari tuman Ichki Ishlari hodimlarining ishidan norozi” сарлавҳаси билан видеомурожаат жойлаштирилди. Ушбу видеомурожаатда Андижон вилояти Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмаси трамотология бўлимига олиб келинган бемор юзасидан ички ишлар ва шифокорлар ўртасида ўзаро ноаниқлик вужудга келганлиги баён этилган. Мазкур ҳолат Андижон вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, 2019 йил 06 сентябрь куни соат 10:15 ларда Балиқчи тумани, Шўр МФЙ, Гулдиёр кўчасида яшаган фуқаро В.Ш Чинобод шаҳарчасида жойлашган “Орзу” ошхонасининг ёнидан маст ҳолатда ўтиб кетаётган вақтда, эҳтиётсизлиги сабабли ерга йиқилиб тан жароҳати олган ва тез ёрдам машинасида Балиқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез ёрдам бўлимига олиб келинган.

Бу жойда фуқаро В.Ш шифокорлар томонидан қабул қилиниб, ренген текширувларидан ўтказилган. Текширув хулосаларига кўра В.Ш.нинг бош суяк соҳаларида синиш белгилари аниқланмаганлиги ҳамда  унинг мастлиги сабабли шифохонадан кетишга рухсат берилган.

Шундан кейин В.Ш.нинг мастлиги учун унинг оила аъзолари профилактика инспекторини чақиришган ва у Балиқчи тумани ИИБ 11-сонли ИИБга олиб келинган. Шу куни В.Ш.нинг соғлиги ёмонлашиб, хушига келмаганлиги сабабли тез ёрдам машинасида яна шошилинч тез ёрдам бўлимига олиб борилган. Шифокорлар томонидан қилинган муолажаларга қарамасдан фуқаро В.Ш 2019 йил 07 сентябрь куни тонг саҳарда вафот этган.

Ходиса жойига туман ИИБ тезкор тергов гуруҳи ва туман прокуратураси масъул ходимлари чиқишиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда В.Ш.нинг ўзи йиқилиб тан жароҳати олганлиги мавжуд видеокузатув камераларининг видео ёзувлари орқали ўз исботини топган.

Ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, комиссиявий суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, 07.10.2019 йилда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш хақида қарор қабул қилинган.

Комиссиявий суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, В.Ш.нинг  вафот этганлик ҳолати юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез ёрдам бўлими шифокорлари томонидан етарли даражада тиббий муолажалар олиб борилмаганлиги оқибатида унинг ўлимига сабабчи бўлганлиги аниқланган.

Шунга кўра, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш қарори бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра, 18.05.2020 йил куни ҳолат юзасидан ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан Балиқчи тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

 

 

 

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech