29 Июл 2021 йил 466

Андижон вилояти ИИБ Пробация бошқармаси ҳисобида турган шахслар билан профилактик огоҳлантириш тадбирлари ўтказилмоқда  

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Пробация хизмати ва ИИВ ТваЭКҚББ масъул ходимлари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида Андижон вилояти ИИБ Пробация бошқармаси ҳисобида турган шахсларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш, улар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишини олдини олиш бўйича профилактик огоҳлантириш тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг  28 июль куни Андижон шаҳар ИИО ФМБнинг мажлислар залида 87 нафар назорат остидаги шахслар билан очиқ мулоқот тарзидаги учрашув бўлиб ўтди. Мазкур учрашувга Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжиди имом-хатиби Ботиржон домла Тожибоев ва Балиқчи тумани “Оққўрғон” жоме масжиди имом-хатиби Рустамжон домла Ҳамидовлар ҳам таклиф этилди. Улар томонидан бугунги кунда исломга ёт ғояларнинг алдовларига алданиб, ўз юртини шаънини топтаб ва оиласини юзини ерга қаратаётганлар, мазкур иллатларнинг ортидан манфаат кўраётган айрим кимсалар эса, динни ниқоб қилиб, бузғунчи ва диний ақидапарастлик ғояларини илгари сураётганлиги аниқ мисоллар ёрдамида тушунчалар бериб ўтилди.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси бўлим бошлиғи К.Шамшатов томонидан бугунги кунда назоратдаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослашишлари бўйича барча имкониятлар яратиб берилаётганлиги юзасидан атрофлича тушунтириш ишлари олиб борилди. Андижон вилояти ИИБ ХПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари подполковник Г.Абдувоҳидова ҳисобда турган аёллар билан индивидуал якка тартибда профилактик суҳбат олиб бориб, уларнинг муаммолари бўйича ҳуқуқий тушунчалар бериб ўтди.   

Бундан ташқари, Олтинкўл туман ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётган маҳкум Э.Н.нинг озодликни чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди.

Ҳозирда профилактик тадбирлар давом этмоқда.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech