1 Декабр 2021 йил 420

Андижонда “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди

2021 йил 30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасида Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғининг маслаҳатчиси генерал-лейтенант Матлюбов Баходир Ахмедович, Вазирлик Фахрийлар кенгаши аъзолари генерал-майор Каримов Раим Каримович, полковник Азизхўжаев Аваз Аббосович, Вазирлик Академияси профессори полковник Қобилов Шариф Рахимович, Андижон вилояти ички ишлар органларининг фахрийлари ва ёш ходимлари, академик лицей ўқувчилари ҳамда олий ўқув юрти талабалари билан “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.

Ўтказилган маънавий-маърифий тадбирни Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари полковник А.М.Имяминов кириш сўзи билан очиб, Халқимиз учун муқаддас ва бебаҳо бўлган тинчлик-осойишталикни таъминлашда кўпни кўрган инсонлар, кекса авлод вакилларининг устозларча маслаҳат ва йўл-йўриқлари ғоят қимматли эканлигини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, нафақада бўлишига қарамасдан, юртимизда қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ўтказилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда ёш авлодни ватанга муҳаббат, хизмат бурчига садоқат руҳида тарбиялашдек масъулиятли вазифаларни бажаришда ғамхўр устоз ва тажрибали мураббий сифатида камарбаста бўлиб келаётган фахрийларга  миннатдорчилик билдирди.

Ўзаро ишонч ва самимийлик асосида бўлиб ўтган йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи маслаҳатчиси генерал-лейтенант Матлюбов Баходир Ахмедович йиғилишда иштирок этаётган ёш ходимларга ўзининг насиҳатлари, ўгитларини бериб, келгусида хизмат фаолиятларида доимо камарбаста бўлишини, барча фахрийларнинг бой амалий ва ҳаётий тажрибасидан ёш ходимлар ўзларининг хизмат фаолиятида фойдаланиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида Андижон вилояти олий ўқув юрти ректорлари, ички ишлар органлари фахрийлари ҳамда хизматда юқори натижаларга эришиб келаётган ёш ходимлар ва ИИВ Андижон Академик лицейи ўқувчиларига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи маслаҳатчиси генерал-лейтенант Б.А.Матлюбовнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech