8 Май 2021 йил 426

Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида ташкил этилган бу галги “Маънавият ва маърифат” дарси “9-май хотира ва қадрлаш куни”га бағишланди

2021 йил 8 май куни Андижон вилояти ички ишлар бошқармасида ташкил этилган бу галги “Маънавият ва маърифат” дарси “9-май хотира ва қадрлаш куни” ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигига бағишланди.

“Хотира бор экан – миллат барҳаёт”, “Эътибор ва ғамхўрлик – инсоний бурч”, “Хотира боқий, қадр муқаддас” шиорлари остида  юқори савияда ўтказилган тадбирда,  фахрийлар, нафақадагилар, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби қатнашди.

Даст аввал, Ватанимиз  тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш чоғида қаҳрамонларча жон фидо қилган вилоят ички ишлар бошқармаси  ходимларининг хотираси ёд этилиб, бошқарма  ҳовлисидаги “Хотира майдони” мажмуаси пойига гулчамбар  ва гуллар қўйилди.

Сўнгра, хизмат вазифасини бажариш вақтида  мардларча ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзоларига ҳамда ички ишлар органларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийларига Ички ишлар вазирлиги Касаба уюшмаси қўмитасининг  пул ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Уларга нисбатан шу каби юксак эҳтиром, эътибор ва қадр кўрсатилиб келинаётганида катта маъно мужассам десак, муболаға бўлмайди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан кўплаб ходимларга навбатдаги махсус унвонлар  топширилди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига ташаккурномалар, ходимларнинг ўзлари эса бошқарма бошлиғининг пул мукофотлари билан тақдирландилар.  

Тадбир  вилоятнинг таниқли ва ҳуш овоз санъаткорларининг ватан тинчлигини ҳимоя қилганларни хотирловчи куй-қўшиқлари ҳамоҳанглигида бўлиб ўтди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жасур ўғлонларимизни, фронт орти қаҳрамонларимизнинг Ватан ҳимояси учун уруш жангларида кўрсатган жасорати, мардлик ва матонати ҳамда ички ишлар органларида хизмат  вақтида кўрсатган қаҳрамонлиги, юртимиз тараққиёти йўлида қилган ҳалол меҳнати ва фидойилиги ёшларга ўрнак бўла олади.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech